Расмий баёнот!

Расмий баёнот

 

2019-йил 10-февраль куни баъзи бир электрон оммавий ахборот воситаларида CRAFERS фабрикасида гуёки оммавий ишдан бўшатиш ва ходимларнинг ҳуқуқлари бузилаётганлиги ҳақида мақола чоп этилган эди.

Шу муносабат билан компания қўйидагиларни маълум қилади: жорий йилнинг 25-январидан 4-февралига қадар фабрика ўз ишчи ходимларини аттестация синовидан ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқариб, бу ҳақида корхона ҳодимлари бир ой олдин хабардор қилинган. Аттестация синовида берилган саволлар фабриканинг ишлаб чиқариш фаолиятига оид бўлган.

Аттестация натижасида иш фаолияти учун зарур билим, тажриба ва малакага эга бўлмаган 22 нафар ходимлар меҳнат қонунчилиги нормаларига кўра меҳнат шартномалари бекор қилинди. Бўшаган иш ўринлари учун эса малакали мутахассислар жалб қилинди.

Шу билан бирга, аттестация синовидан муваффақиятли ўтганлар орасида  10 нафар ходимларнинг лавозимлари оширилиб, уларнинг тегишли равишда маошлари кўпайтирилди.

Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқариш фаолияти ишга туширилганидан буён ходимларнинг малака ҳамда маҳоратини ошириш мақсадида чет эллик мутахассислар иштирокида мунтазам равишда семинар ва трениннглар ўтказилиб келинмоқда.

Шу билан бирга, фабрикада бўш иш ўринларини янада малакали бўлган кадрлар билан таъминлашга қаратилган кадрлар сиёсати изчил давом эттирилмоқда. Янги очилган ишлаб чикарувчи фабрика учун ушбу амалиёт- табиий холдир.

2019-йилнинг 25-январида фабрикага Тошкент шаҳар Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясининг ишчи гуруҳи ташриф буюрди. CRAFERS фабрикасида Ички меҳнат тартиб қоидалари тасдиқланган, унга мувофиқ буюртма миқдори ортиши муносабати билан фабрика икки сменали иш режимига ўтиши мумкин. Шунга асосан ходимларга ойлик маошлари тўланади. Ишчи гуруҳ томонидан фабрика меҳнат қонунчилиги  бузилиши холатлари аниқланмаган.

Юқоридаги 2019-йил 10-февраль куни чоп этилган мақоладаги материаллар тегишли текширувлардан ўтмаган, ундаги келтирилган маълумотлар эса ҳақиқатга мос келмайди.